
Маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди Бугун Хива туманида яна бир қувончли воқеа юз берди — Шомохулум маҳалласида замонавий ва барча қулайликларга эга маданият маркази биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу иншоот аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда турли маърифий тадбирларни ўтказиш учун хизмат қилади. Янги маданият марказида кенг ва ёруғ тадбирлар зали, тўгарак хоналари, кутубхона ҳамда санъат машғулотлари учун махсус жойлар ташкил этилган. Бу ерда доира, мусиқа, рассомчилик ва бошқа йўналишлардаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Тадбирда сўз олган масъуллар мазкур марказ ҳудуд аҳолиси, айниқса ёшлар учун маънавият ўчоғига айланишини таъкидлаб, бино қурилишида меҳнат қилган барча қурувчилар ва ҳомийларга миннатдорлик билдирдилар. Янги маданият маскани туман ижтимоий-маданий ҳаётини янада жонлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.