
Хоразм шевалари луғатларини кенг тусда тайёрлашга қизиқиш унинг электрон иловалар кўринишда ҳам яратилишига замин бўлмоқда. Дастурчи С.Эрназаров томонидан яратилган Xorazmcha (Хоразм шеваси луғати) иловаси шундай иловаларнинг дебочасидир. Айтиш жоизки, шевалар луғати иловасини тайёрлаш ўзбек тилшунослиги, хусусан, ўзбек диалектологияси (шевашунослиги) учун муҳим ҳодиса бўлса-да, ҳали бу жараён амалга оширилмаган эди. Хоразм шеваси луғати иловасининг яратилиши эса, бу борадаги дастлабки иш, биринчи қадам ҳисобланади. Шу жиҳатдан, мазкур луғат иловасининг яратилиши таҳсинга сазовордир. Унинг бир қанча афзалликлари бор. Биринчидан, иловадан исталган жойда, исталган ҳолатда фойдаланиш мумкин. Иккинчидан, иловада берилган сўзлар ва маънолари ўзбек тилининг амалдаги икки ёзув тизимида (кирилл ва лотин) берилиши ҳамда нусҳа олиш функциясининг мавжудлиги уни ўқиш, шунингдек, бошқа ишларда фойдаланиш имкониятини осонлаштиради (албатта, иловадан олинганлиги қайд этилган ҳолда). Учинчидан, иловада қидирув функцияси ҳам бўлиб, бу шевага хос сўз ва жумлаларни осон топиш имконини беради. Тўртинчидан, иловага янги сўзлар ва уларнинг маъноларини қўшиш имконияти ҳам бўлиб, иловада сўз ва жумлаларни кенгайтириб бориш мумкин. Бешинчидан, иловада Хоразм воҳаси шеваларининг лексик хусусиятлари яхши очиб берилган, шунга кўра, унга қизиқувчилар, тадқиқот олиб борувчилар учун дастуруламал, кейинги авлод вакиллари учун эса ўзига хос “ёдгорлик” сифатида хизмат қилади.