Ассалому алайкум қадрли отахон ва онахонлар, азиз юртдошлар!Барчангизга маълумки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан юртимиздаги барча соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ислоҳотларнинг замирида аввало, инсон қадрини улуғлаш, халқимизнинг тинчлиги, осуда ҳаёт кечиришини таъминлаш ҳамда турмуш фаровонлигини ошириш турибди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2025 йилдаги "Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2025 - 2026 йиллар қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора - тадбирлари тўғрисида"ги 453-сонли Қарори ижросини таъминлаш юзасидан назорат механизми йўлга қўйилган.
Жумладан, ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари ҳамда ичимлик суви билан барқарор таъминлаш, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва ёқилғи таъминотидаги муаммоларни аниқлаш, уларни тезкорлик билан бартараф қилиш, қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан тегишли чоралар кўриш орқали қиш мавсумини беталофат ўтказилишини таъминлаш бўйича вилоятимизда Штаб ташкил қилинган.
Мазкур штабда ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги муаммоли вазиятларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида “1055” қисқа рақамли “call center”ташкил қилиниб, мурожаат ва таклифлар 
туну - кун қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, энергия ресурсларидан мақсадсиз фойдаланиш, айниқса, газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш, ижтимоий соҳаларга ҳамда кам таъминланган оилаларга имтиёзли шартларда ажратилган кўмир ва суюлтирилган газ маҳсулотларини талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида вилоят прокуратураси органлари томонидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Азиз элдошлар !
Эътиборингизни муҳим масалага қаратмоқчиман.
Етказиб берилаётган электр энергияси ва газдан оқилона фойдаланиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳозирги кунда энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Ачинарлиси, фуқароларимиз айрим ҳолатларда электр ва табиий газдан фойдаланишда тежамкор ускуналардан фойдаланмасдан, қўлбола усулда тайёрланган ёки техник талабларга жавоб бермайдиган мосламалардан фойдаланиб, ўз ҳаётларини хавф остига қўймоқдалар.
Афсуски, қиш мавсуми бошланмасдан туриб вилоятимизда жорий йилнинг ўзида газдан фойдаланишда техник талабларга риоя қилинмаганлиги натижасида 2 та ҳолатда 5 нафарфуқаро 
ис газидан заҳарланиб вафот этди.
Бунинг сабаблари ўрганилганда, улар уйларида газдан фойдала- нишда бепарво муносабатда бўлганликлари ва техник шартларга тўлиқ риоя қилмаганликлари оқибатида ушбу нохуш ҳолатлар келиб чиқди.
Ҳурматли юртдошлар !
Сизлардан қиш мавсумида ностандарт, қўлбола усулда ясалган мосламалардан фойдаланмаслик, икки контурли иситиш ускуналарини техник кўрикдан ўтказиб ишлатиш ва иситиш тизимларини қаровсиз қолдирмасликни сўраймиз.
Яна бир муҳим масала, электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш прокуратура органларининг муҳим вазифаларидан биридир.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 24,1 млрд. сўмлик 4 576та газдан ва 38,8 млрд. сўмлик 2 544 та электрданҳолатлар фош этилиб, давлатга жами 62,9 млрд.сўмлик зарар етказилганлиги аниқланди.
Ушбу тадбирлари натижасида 150 тонна кўмир, 19,2 млн. кВт электр, 13,9 млн. метр куб табиий газ талон - торож қилинганлиги аниқланиб, айбдорларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида қонун бузилиши ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида 47 тақдимномалар киритилди, 111 нафар мансабдор шахслар қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди, 85 нафар масъуллар интизомий, 34 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 70 та жиноят иши қўзғатилди.