ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! Қиш мавсумида иситиш воситаларидан фойдаланиш...
ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Қиш мавсумида иситиш воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда ис газидан заҳарланиш хавфи ортади. Ис гази (углерод оксиди) — рангсиз, ҳидсиз ва инсон ҳаёти учун ўта хавфли газ ҳисобланади.
Ис гази газ қозонлари, печлар, газ плиталари ҳамда автомобил двигателлари ёқилғининг тўлиқ ёқилмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Вентиляция тизимининг носозлиги ва мўриларнинг тиқилиши эса ушбу хавфни янада кучайтиради.
Ис газидан заҳарланиш аломатларига бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, холсизлик, нафас қисилиши киради. Оғир ҳолатларда бу ҳолат инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдиради.
Фуқаролардан қуйидаги хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралади:
• газ ва иситиш ускуналарини мунтазам текшириб туриш;
• мўри ва вентиляция каналларини тоза сақлаш;
• хоналарни вақти-вақти билан шамоллатиш;
• ёпиқ жойларда автомобил двигателини ишлатмаслик;
• газ асбобларини ўзбошимчалик билан таъмирламаслик.
Ис газидан заҳарланиш гумон қилинганда дарҳол тоза ҳавога чиқиш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш лозим.
Эсда тутинг: эҳтиёткорлик — ҳаёт гарови!
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги кўмитаси Хоразм ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси – давлат инспектори Ходжаев Ходжамурод Адамбаевич