
Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Х.Норқобилов Хива туманидаги эркаклар "Мурувват" уйи фаолияти билан танишди. "Мурувват" уйида васийликка олинган 300 дан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг бугунги кундаги саломатлиги ва руҳий ҳолатини ўрганиш мақсадида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тор доирасидаги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра соғлиғида муаммо бор бўлган шахсларни алоҳида даволаш ва реабилитация қилиш чоралари кўрилади. Шунингдек, "Мурувват" уйида мавжуд имкониятлар, меҳнат терапияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Ўрганиш жараёнида, масъулларга тиббий кўрикни тўлиқ ўтказиш юзасидан доимий назорат ўрнатиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.