Хотин-қизларга ҳурмат ва эътибор – ҳар бир миллатнинг маданий даражасини кўрсатади Ҳар йили 8 март куни бутун дунёда Халқаро хотин-қизлар куни сифати да кенг нишонланади. Бу сана нафақат байрам, балки хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс ўрнини эътироф этиш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлашга бағишланган муҳим кун ҳисобланади. Бугунги кунда эса бу сана жамиятда аёлларнинг фаол иштирокини, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ролини қадрлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, жамиятнинг асоси – оила. Оиланинг мустаҳкамлиги эса, аввало, аёлларга боғлиқ. Она – фарзанд тарбиячиси, оила тартиб-интизомини сақловчи, меҳр-муҳаббат манбаи ҳисобланади. Она меҳри орқали фарзандларда инсонпарварлик, ватанпарварлик, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик каби фазилатлар шаклланади. Шу сабабли аёллар жамият маънавиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Мамлакатда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу боис, ҳозирги кунда аёллар нафақат оилада, балки давлат ва жамият бошқарувида ҳам фаол иштирок этмоқда. Уларнинг илмий изланишлар, таълим, тиббиёт, маданият, бизнес ва сиёсат соҳаларидаги ютуқлари жамият тараққиётига катта ҳисса қўшмоқда. Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар аёлларнинг фаол, билимли ва мустақил бўлиб камол топишига хизмат қилиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратади. Барча аёллар ва қизларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклаймиз! Замира АБДУЛЛАЕВА, “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси