Навбатдаги буйрак трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида яна бир муҳим ва масъулиятли жарроҳлик амалиёти — буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилди. Ушбу амалиёт вилоят соғлиқни сақлаш тизимида юқори технологиялар ва замонавий тиббий хизматлар изчил жорий этилаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Маълумки, буйрак етишмовчилиги оғир касалликлар қаторига киради. Бундай беморлар учун трансплантация ҳаёт сифатини яхшилаш, узоқ йиллар соғлом умр кечириш имконини берадиган энг самарали усул ҳисобланади. Айни амалиёт тажрибали нефрологлар, анестезиологлар ва юқори малакали жарроҳлар жамоаси томонидан амалга оширилди. Трансплантация жараёни барча тиббий протокол ва халқаро стандартларга мувофиқ равишда ўтказилиб, донор ва реципиентнинг ҳолати доимий тиббий назорат остида бўлди. Айни пайтда беморнинг аҳволи барқарор бўлиб, шифокорлар унинг соғайиш динамикасини ижобий баҳоламоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда Хоразм вилоятида юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини маҳаллий шароитда амалга ошириш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса беморларнинг пойтахт ёки хорижга чиқмасдан, ўз ҳудудида сифатли тиббий ёрдам олишига замин яратмоқда.