#giyohvandlikka_qarshi_kurash Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ва «Бекобод авто» чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб киришга бўлган навбатдаги уриниш фош қилинди. Мазкур пост орқали қўшни давлатдан кириб келган 57 ёшли фуқаро бошқарувидаги "Кобальт" автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганида, "Рей" лақабли хизмат ити автомашина салонидаги олд йўловчи ўриндиғининг орқа чўнатагида гиёҳвандлик воситаси яширилганига ишора беради. Натижада, ўриндиқ ғилофи чўнтагида дастлабки вазни ўрами билан ҳисоблаганда 2 граммни ташкил қилувчи "героин" гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Шундан сўнг мазкур автотранспорт воситаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали тўлиқ божхона кўригидан ўтказилганида, рентген тасвирлари автомашина ёқилғи бакида шубҳали жисмлар борлигини намоён этди. Ёқилғи баки очиб кўрилганида эса унинг ичига 30 дона полиетилен ўрамлар яширилганлиги фош бўлди. Мазкур ўрамларнинг ичидаги модда соф оғириги 30 кг. 10 грамни ташкил қилувчи "опий" гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давомида Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ҳамда Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармалари томонидан ички ишлар идоралари вакиллари билан ҳамкорликда шу куннинг ўзида юқоридаги гиёҳвандлик воситаларининг эгаси – 48 ёшли фуқаро "Жартепа" чегара божхона постидан кириб, Қашқадарё вилояти орқали ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл патруль масканларидан бирида қўлга олинди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.