
#giyohvandlikka_qarshi_kurash Республикамиз божхоначилари томонидан наркотик моддалар, шу жумладан синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилучи моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилди. Пойтахт божхоначилари кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланувини олдини олиш йўналишида Яккасарой туманида тезкор-қидирув тадбирини ўтказишди. Тезкор тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган 2 нафар шахслар белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, улардан бирининг ёнида “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб яна бир фуқаронинг вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганида, даҳлиздаги куртка чўнтагида 10 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ва ошхонадаги стол устида “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди. Юкоричирчиқ туманида давом этган тезкор тадбирда эса ушбу шахсларга тегишли уйда ҳам 706 дона “Регапен” ёзувли кучли таъсир қилувчи дори воситаси қонунга хилоф тарзда сақланаётгани фош этилди. Навбатдаги ҳолат Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона постида аниқланди. Мазкур пост орқали кириб келган қўшни давлат фуқароси шубҳа остига олиниб шахсий кўрикдан ўтказилганида, ушбу шахс 8 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситасини ички кийимига яширганча олиб киришга урингани фош бўлди. “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари эса Санкт-Петербургдан учиб келган йўловчилардан бирининг қинғир қилмишларига чек қўйишди. Божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган ушбу фуқаро қўл сумкасида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 5 қути “Андрогель” дори воситасини ноқонуний равишда олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинди. Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.