Эрон Қувайт, Иордания ва Баҳрайнда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ракета зарбалари берди. Зарбалар акс этган видеолар ОАВда тарқалди.
Шу билан бир вақтда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Исроил ҳудудига ҳужум бошлагани хабар қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Вашингтон жавоб тариқасида Эрондаги нишонларга 29 та “Tomahawk” қанотли ракетасини учирган. Исроил ҳозирча тўғридан-тўғри зарбаларда иштирок этмаётганини билдирган, бироқ Байрутга кучли жавоб зарбаси беришга тайёрлигини маълум қилган.
Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб бормоқда. Бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишдаги тўқнашувлар Эрон ва унинг иттифоқчилари иштирокидаги кенг кўламли қарама-қаршилик хавфини оширмоқда.
Мазкур вазият АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти учун жиддий синов бўлиб, минтақада хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда. Айни пайтда халқаро ҳамжамият можаронинг янада кенгайиб кетишидан хавотир билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги Президент Дональд Трамп кўрсатмасига биноан Эрондаги бир нечта нишонларга қарши “ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча зарбалар” берила бошланганини маълум қилганди. Ҳарбийлар баёнотида ушбу ҳужумлар Эроннинг “асоссиз ва давом этаётган тажовузи”га жавоб экани таъкидланган.
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Марказий қўмондонлик шу кеча фаол ҳаракат олиб боришини айтган.