АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий келишув бўйича музокараларни чўзиб юборганини айтиб, Теҳрон “бадал тўлашига тўғри келиши”ни билдирди. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни АҚШ раҳбари Truth Social’даги саҳифасида ёзди.
“Эрон фақат гапиради, аммо амалий ҳаракат қилмайди. Улар ўзлари учун жуда яхши бўлиши мумкин бўлган келишув бўйича музокараларни ҳаддан ташқари чўзиб юборди, энди эса бунинг бадалини тўлашларига тўғри келади”, дейди Трамп.
У “Fox News” телеканалига берган интервьюсида эса Эрон келишувни имзолашдан бош тортса, мамлакат электр станциялари ва кўприкларига қарши янги зарбалар бериш ҳақида буйруқ беришга яқин турганини маълум қилган.
Трампнинг айтишича, Эронда келишувни имзолаб вазиятдан чиқиш имконияти бўлган, аммо музокаралар суръати уни қониқтирмаётгани учун АҚШ янги зарбаларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон томонидан Ҳормуз бўғози яқинида АҚШнинг Apache ҳарбий вертолёти уриб туширилган эди. Бунга жавоб тариқасида Қўшма Штатлар Эрон ҳаво мудофааси тизимлари, қўмондонлик пунктлари ва кузатув радарларига зарба берди.
Уриб туширилган вертолёт экипажининг икки аъзоси қутқариб қолинган. АҚШ Марказий қўмондонлиги операциялар тўрт соат давом этганини ва қарийб 20 та Эрон объекти нишонга олинганини билдирган.