Бугун, 18 август куни Наманган вилояти, Янги Наманган туманидаги бозорда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 13:46 да “112” тизими орқали Наманган вилояти, Янги Наманган тумани, “Мингчинор” МФЙ ҳудудида жойлашган “Қурилиш моллари савдо бозори” ҳудудида савдо расталари ёнаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Ёнғин жойига зудлик билан ёнғин-қутқарув бўлинмалари етиб бориб, ёнғин соат 13:58 да қуршаб олинган ва ҳозирда бартараф этилмоқда. Ёнғинни ўчиришга керакли барча зарур техникалар жалб этилган. Қайд этилишича, вазият тўлиқ назоратга олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда эса бозор ичидаги енгил автомобилнинг тўлиқ ёниб кетгани кўринган.
Билдирилишича, ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар бўйича маълумот келиб тушмаган. Қўшимча маълумот тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қисмида ёнғин содир бўлганди.