
Хивада тўққиз тонна “Хоразм палови” тайёрланди Хивадаги “Арда Хива” мажмуасида “Хоразм палови” халқаро ош фестивали бўлиб ўтди. Ушбу фестиваль доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, жумладан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташриф буюрган 20 дан ортиқ ҳамда 40 дан зиёд маҳаллий ошпазлар бирлашиб, бир қозонда 9 тонна Хоразм палови тайёрладилар. Мазкур натижа Ўзбекистон миқёсида рекорд кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда. Анъанавий Хоразм паловини тайёрлаш учун жами 7 хил асосий маҳсулотдан фойдаланилган. Хусусан, 700 литр ёғ, 200 килограмм пиёз, 3000 килограмм гўшт, 3000 килограмм сабзи, 2500 килограмм гуруч, 150 килограмм майиз ҳамда бир тоннадан зиёд сув ишлатилган. Ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан, ошпазлар ўз маҳоратларини намоён этиб, мазали палов тайёрлашга эришдилар. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади. Хоразм паловини дастлаб фестиваль меҳмонлари татиб кўрдилар. Паловнинг асосий қисми маҳаллалар, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларига тарқатилди.