Ўзбекистонда энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Президент тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилган. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.
Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга тушган. Тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади, бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес start”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес lift”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
“Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз”, дейди давлат раҳбари.