Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги ҳарбий базалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш имконияти юзасидан Сурия ҳукумати билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Россиянинг Суриядаги Тартус денгиз базаси ва Хмеймим авиабазасининг келажаги 2024 йилyнинг декабр ойида Москванинг иттифоқчиси Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан буён мавҳумлигича қолмоқда.
Ҳозирги Сурия Президенти Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги ҳукумат Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган бўлса-да, айни пайтда Москвадан сиёсий бошпана олган Башар Асадни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова ҳафталик брифингда Сурия ҳукумати билан ҳамкорлик жуда фаол ривожланаётганини айтган.
Тартус базаси Россиянинг Сурияга импорт қилинадиган юклари учун логистика марказига айланиши ҳақидаги хабарлар юзасидан саволга жавоб берган Захарова базалар фаолиятини “қайта форматлаш” масаласи муҳокама қилинаётганини, бироқ тафсилотлар Россия Мудофаа вазирлиги ваколатига киришини таъкидлаган.
“Суриялик ҳамкорлар билан алоқалар доирасида Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки, жумладан Россия ҳарбий объектлари функцияларини қайта форматлаш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда”, деди у.
Ҳмеймим авиабазаси ва Тартус денгиз базаси Россиянинг собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидан ташқаридаги ягона ҳарбий базалари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг янги ҳукумати Президент Аҳмад аш-Шара бошчилигида Россияни Хмеймим авиабазасидан сиқиб чиқариш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.